Юқори турувчи ташкилот

Юқори турувчи ташкилот. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинчалик Қўмита) туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминловчи ва фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб берувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Қўмита фаолиятда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олй Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор, фармон ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  қарор ва фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомга амал қилади.

Қўмита ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Қўмитанинг вазифалари ва функциялари

мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини беришга, туризм соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишига йўналтирилган туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепцияси шакллантирилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;

туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб боришга, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилишга, Ўзбекистон Республикасининг туризм қиёфасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга, миллий туризм маҳсулотлари ва брендлари халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;

ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш ва уларнинг амалга оширилиши мониторинги, туризм турларининг кенг доирасини жадал ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, шунингдек халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш;

туризм фаолияти ривожланишини мувофиқлаштириш, минтақаларда янги туризм йўналишлари ташкил этилишини таъминлаш, уларни паспортлаштириш, туризм йўналишлари ва туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш;

туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда ва туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туризм хизматлари кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги стандартлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, туризм соҳасида хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштириш ҳамда лицензияланадиган ва сертификатлаштириладиган туризм хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш;

туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор муносабатлари асосида тартибга солишни мақбуллаштириш ва туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантиришга қаршилик қилаётган барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;

туризм фаолияти соҳасида биринчи навбатда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамда туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш;

туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори сифат даражасида ташкил этиш, тармоқ туризм фанларини ривожлантиришга кўмаклашиш.