Туризм хизматларини сертификатлаштириш ва туризм объектларини таснифлашга доир режали ишлар олиб борилмоқда

Мамлакатимизда туризм соҳасига қаратилган юксак эътибор натижаси ўлароқ, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини ҳам янада ошириш, бу борада маҳаллий ва хорижий меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатилишининг йўлга қўйилиши доимий равишда масъуллар эътибор марказида бўлмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган «Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия обектларини таснифлаш тартиби тўғрисидаги Низом»га биноан йил бошидан ҳозирга қадар республикамиздаги 3 та жойлаштириш воситасида баъзи номувофиқликлар аниқланганлиги боис уларнинг фаолияти тўхтатиб турилган. Аниқланган номувофиқликлар бартараф этилмаганлиги сабабли уларнинг мувофиқлик сертификати амал қилиши тугатилган.

Инспекция назорати давомида сифат бўйича масъул эксперт – аудиторлари томонидан жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатиш, сервис сифатини пасайганлиги ҳамда фаолият юритаётган ходимларнинг малака даражаси, қўшимча ўқув ва тренингларда кўникма оширилмаганлиги ва меҳмонхонада ишлайдиган малака сертификатига эга ходим томонидан бошқа ходимлар учун ички ўқитишлар ўтказилмаганлиги каби номувофиқликлар мавжудлиги аниқланиб, зарурий тушунтиришлар берилди.

Ҳозирда тадбиркорларга нисбатан қонунчиликда ўрнатилган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда.

Шу ўринда, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларидан олиб борилаётган фаолиятига масъулият билан ёндашишларини эслатиб ўтамиз!