Туризм соҳасида давлат стандарти талаблари эълон қилинди

Туризм соҳасида давлат стандарти талаблари эълон қилинди

Ўзбекистонда туризм соҳаси ривожлангани сари туризм хизматлари ва уларнинг сифатига доир масалалар моҳияти ортиб бораётгани кузатилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини Сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси (ДУК) томонидан туризм соҳасида стандартлаштиришга доир саволларга ойдинлик киритилди.

Стандарт нима?

Стандарт стандартлаштириш обектига қўйиладиган ва ваколатли органлар томонидан тасдиқланадиган меъёрлар, қоидалар, талабларни белгиловчи меъёрий ҳужжат ҳисобланади. У инсон фаолиятининг барча соҳалари — фан техника, саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт ва бошқаларга тааллуқли.

Ким томонидан юритилади?

Туризм соҳасида стандартлаштириш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туризм соҳасида стандартлаштириш бўйича Техник қўмита” томонидан ишлаб чиқилади. Техник қўмита котибияти “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан юритилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилгандан сўнг стандартлаштириш соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилди ва янги стандартлар ишлаб чиқиш, мавжудларини такомиллаштириш бўйича ишлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Туризм соҳасига оид стандартлар

Бугунги кунга қадар туризм соҳасида стандартлаштириш бўйича Техник қўмита томонидан 11 давлат стандарти ишлаб чиқилди ва ўрнатилган тартибда “Ўзстандарт” Агентлиги томонидан рўйхатга олинди.

Булар:

1.       Oʻz DSt ISO  18513 — “Туризм хизматлари. Меҳмонхона ва туристларни жойлаштириш воситаларининг бошқа турлари. Атамашунослик”;

2.        Oʻz DSt 3220 — “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар”;

3.        Oʻz DSt 3296 — “Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими”;

4.        Oʻz DSt ISO 14785 —“Туризм ахборот бюролари. Туризм ахбороти ва қабул қилиш хизматлари. Талаблар”;

5.       Oʻz DSt 3331 — “Туризм хизматлари.Туризм соҳасида навигасия тизимининг ахборот белгилари.Умумий талаблар”;

6.        Oʻz DSt 3334 — “Туризм хизматлари.Мусулмон меҳмондўстлиги. Талаблар”;

7.        Oʻz DSt 3336 — “Туризм хизматлари. Tourist-friendly. Талаблар”;

8.        Oʻz DSt ISO 13009 – “Туризм хизматлари. Пляж фаолиятига доир талаблар ва тавсиялар”;

9.       Oʻz DSt ISO 18065 — “Туризм хизматлари. Қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг маъмурияти томонидан тақдим этиладиган, умумий фойдаланиш учун туризм хизматлари. Талаблар”;

10.      Oʻz DSt 3417 — “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир умумий талаблар”;

11.     Oʻz DSt 3418 — “Туризм хизматлари. Туроператор ва турагентлар ходимларига доир умумий талаблар”

Туризм соҳасида стандартлаштириш бўйича сўнгги янгиликлар

Техник қўмита томонидан ишлаб чиқилган янги стандартлар ходимларга оиддир, булар:

Oʻz DSt 3417:2019 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир умумий талаблар”. Стандарт турли хил ва тоифадаги жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир умумий талабларни белгилайди. Унда ходимларни таснифлаш, уларни баҳолашнинг асосий ва қўшимча мезонлари, хизмат кўрсатувчи ходимларга доир умумий талаблар ва қўшимча талаблар мавжуд.

Oʻz DSt 3418:2019 “Туризм хизматлари. Туроператор ва турагентлар ходимларига доир умумий талаблар”. Ушбу стандарт мулкчилик шакли ва фаолиятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, туроператорлар ва турагентларнинг ходимларига доир умумий талабларни белгилайди. Туроператор ва турагентлар ходимларини таснифлаш, уларни баҳолаш мезонлари, умумий ва қўшимча талаблар ҳамда ходимларининг функсиялари ва лавозимлари бўйича маълумотларни назарда тутади.

Бундан ташқари мавжуд стандартлар ҳам такомиллаштириб борилмоқда, жумладан: Oʻz DSt 3296:2018 – “Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими” Ушбу давлат стандартига ҳам жаҳон тажрибаси ҳамда меҳмонхона бизнеси ривожланиш тенденсиясидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги 4095-сонли “Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми қоплаш ва “роялти франчайзинг” тўғрисидаги шартномалар асосида қисман молиялаштириш бўйича субсидияга талабгор меҳмохоналарга “юлдуз” бериш, яъни тоифасини аниқлашда тадбиркорларга жуда кўп қулайликлар яратилди. Жумладан 3 ва 4 “юлдуз” тоифасига эга бўлган меҳмонхоналарнинг барча номерларида тўлиқ ваннали санузел мавжуд бўлиши мажбурий эди, киритилган ўзгартиришга мувофиқ, номерларда ванна ёки душ ўрнатиш мумкин. Номерларда биделар ёки гигиеник душларга бўлган талаб ҳам камайтирилди, 3 ва 4 “юлдуз” тоифасига эга бўлган меҳмонхоналарнинг 75 фоиз номерларида уларнинг мавжуд бўлиши етарли бўлди. Бундан ташқари, номерда фойдали майдон юзасини ошириш мақсадида санузел майдонига, телевизор ўлчамига ва жиҳозлар сонига бўлган талаб ҳам камайтирилди. Меҳмонхона томонидан кўрсатилиши лозим бўлган хизматлар, жумладан чипталарни брон қилиш, автомобилъ ижараси, валюта алмаштириш, дўкон ва савдо шохобчалари, кимёвий тозалаш хизматлари ихтисослашган ташкилотлар томонидан шартнома асосида кўрсатилиши мумкин.