Paradores: Испаниянинг меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Самарқанд ва Бухорога ташриф буюрдилар

Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Самарқанд ва Бухорога ташриф буюришди

Испаниянинг Paradores компанияси вакиллари ишчи ташриф билан Самарқанд ва Бухоро вилоятларида бўлишди. Ташриф доирасида 4 январь куни Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи тижорат директори Х.Кампос ва унинг ёрдамчиси М.Сотоснинг Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари Б.Нуруллаев ва Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзиқуловлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Испания меҳмонхоналар тармоғи вакиллари меҳмонхона бизнесини ривожлантиришга йўналтирилган компания фаолияти, хусусан тарихий биноларда меҳмонхона хизматларини ташкиллаштиришга оид маълумотлар билан бўлишишди.

Ўз навбатида Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари Б.Нуруллаев томонидан Самарқанднинг туризм салоҳияти ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳақида сўз юритди. Музокаралардан сўнг испаниялик меҳмонлар шаҳарнинг туризм объектлари, тарихий ёдгорликлари билан танишишди.

5 январь куни Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Х.Кампос ва М.Сотос Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари Б.Шахриёров ва Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директори О.Хакимов билан учрашишди.

Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаментида ҳам томонларнинг ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Учрашув давомида “Paradores” меҳмонхоналар тармоғи тижорат директори тарихий жойлардан оқилона фойдаланиш ва уларни туризм учун асраш бўйича қатор тавсиялар берди. Учрашув якунидан сўнг испаниялик меҳмонлар қадимий Бухоронинг тарихий ёдгорликлари билан танишишди.