Ўзбекистонда миллий туроператорларнинг Хитойлик ҳамкасблари билан В2В учрашувлари бўлиб ўтди

Ўзбекистонда миллий туроператорларнинг Хитойлик ҳамкасблари билан В2В учрашувлари бўлиб ўтди

2019 йил 20-27 декабрь кунлари Хитойнинг Zhejang Loong Airlines авиакомпанияси вакиллари делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ушбу авиакомпания 27 сентябрдан бошлаб “Сиань-Тошкент-Сиань” йўналиши бўйича парвозларни амалга оширмоқда.

Делегация таркибида шунингдек хитойлик туроператорлар ҳам ташриф буюрдилар. Ташриф давомида республикамизнинг учта шаҳри: Тошкент, Самарқанд ва Бухорода Ўзбекистон ва Хитой туроператорлари ўртасида В2В форматида амалий учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар пойтахт ҳокимиятида, шунингдек Самарқанддаги “Регистон Плаза” меҳмонхонасида ва туризмни ривожлантириш бўйича Бухоро вилояти департаментида ташкил этилди.

Учрашувлар давомида икки давлат туроператорлари келажакда туристлар оқимининг ошишига кўмак берадиган ҳамкорлик бўйича келгусидаги режаларни муҳокама қилдилар.

Хитой делегацияси таркибидаги туроператорлар Ўзбекистонга ташриф дастури доирасида қадимий шаҳарларимизнинг диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишдилар. Меҳмонлар Тошкентнинг Чорсу бозори ва Хазрати Имом мажмуасига ташриф буюрдилар. Гўр Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Улуғбек расадхонаси, Самарқанддаги гилам фабрикаси ва Бухоронинг меъморий ёдгорликларини кўздан кечирдилар.

Эслатиб ўтамизки, декабрь бошида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва Хитойнинг Zhejang Loong Airlines авиакомпанияси ёрдамида Хитойда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси такрибида Хитойга ўзбек туроператорлари ҳам ташриф буюрдилар ва хитойлик ҳамкасблари билан В2В учрашувларини ўтказдилар.

Leave a Reply