«KAMIR MAGIC LIFE» МЧЖ таъсисчиси билан интервьюда «The Shahar» меҳмонхонасини ташкил этиш тарихи

«KAMIR MAGIC LIFE» МЧЖга тегишли бўлган «The Shahar» меҳмонхонаси жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентда ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК қарори билан меҳмонхонага меҳмонхона хизматларини кўрсатиш учун мувофиқлик сертификати берилди. Меҳмонхонани ташкил этиш тарихи, сертификатлаштириш жараёни, пандемия даврида фаолиятни бошлаш тўғрисида «KAMIR MAGIC LIFE» МЧЖ таъсисчиси Иродахон Аббосхонова билан интервьюда ҳавола этамиз.

Иродахон Аббасовна, марҳамат қилиб туризм соҳасидаги ўз фаолиятингиз тўғрисида гапириб берсангиз. Нима учун айнан меҳмонхона бизнесини танлагансиз?

– Бу менинг туризм соҳасидаги биринчи тажрибам. Меҳмонхона бизнесида мен янги одамман. Касбим бўйича мен солиқ консультантиман ва ўз фаолиятим давомида туризм соҳасига давлат томонидан қандай эътибор қаратилаётгани, туризм бизнесига қандай преференция ва имтиёзлар мавжудлиги, давлат соҳани қандай қўллаб-қувватлаётганини кузатар эдим. Ўз ҳамкорим билан меҳмонхона бизнесини ташкиллаштиришни ўйладик ва натижада меҳмонхона очишга қарор қилдик. Ўз табиатимиз, анъаналаримизга кўра биз жуда меҳмондўстмиз. Биз ушбу машҳур анъанамизни давом эттиришни хоҳладик, шунинг учун меҳмонхона хизматлари бозорига киришга қарор қилдик. Меҳмонхона сектори – соҳанинг муҳим элементларидан биридир ва биз бу ерда шундай сервис ташкил қилиб меҳмонларни ҳайрон қолдирмоқчимизки, меҳмонлар бизнинг меҳмонхонага ташриф буюрганларидан кейин меҳрибон ўзбек халқи, бизнинг маданиятимиз, анъанавий ошхонамиз тўғрисида бир жаҳон ижобий таассуротларга эга бўлсинлар, уларда яна ва яна юртимизга қайтиб келиш истаги бўлсин. Бу йўналишда туризм бозори жуда таъсирчан. Меҳмонхонамизнинг меҳмонлари бу ерда уларга ғамхўрлик ва эътибор қаратилганлигини ҳис қилишларини истаймиз.

Меҳмонхона туризм соҳаси учун қийин бўлган пандемия даврида ўз фаолиятини бошлади. Сиз учун меҳмонхона хизматлари бозорига кириб бориш қанчалик қулай бўлди?

Биринчидан, айнан ҳозир меҳмонхона очиш мақсадини белгилаган омиллардан бири – соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, туризм бизнесига субсидиялар ва преференциялар. Бу чоралар қулай тарзда ишлашга имконият беради. Туризм соҳасидаги тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватланиши жуда муҳим омилдир. Ушбу масалада ҳал қилувчи деса ҳам бўлади. Иккинчидан, уруш вақтида ҳам инсонлар меҳнат қилиш ва ишлашни давом эттирадилар. Барчаси ўзимизнинг қўлимизда. Биз ушбу бизнесда биринчи марта бўлганимиз сабабли бу биз учун ўзига хос “плюс”, ҳозир меҳмонлар сони камроқ бўлади, лекин меҳмонхона фаолият юритади, биз келажакда кўпроқ туристлар оқимини қабул қилиш учун тажриба орттириб борамиз. Ушбу даврда хорижий туристлар сони камайиши масаласини ҳам ҳал қилмоқдамиз. Тошкент – мегаполис шаҳар. Мамлакатимиз ҳудудларидан кўпгина инсонлар пойтахтга турли бизнес ишлари бўйича хизмат сафарига келадилар. Энг асосийси бошқа меҳмонхоналардан ажралиб туриш, туристлар айнан сизга келишни исташлари учун “ўз фазилатингизга” эга бўлиш, сифатли хизмат таклиф қилиш.

Ўз меҳмонхонангиз тўғрисида озгина ҳикоя қилиб беринг. Ташкил этиш босқичи, сармоя киритиш, номер фонди, услуби, концепцияси. Нима учун айнан шундай ном танланган?

– Авваламбор ҳозир меҳмонхона жойлашган уй сотувга қўйилган эди. Лекин иш жараёнида биз меҳмонхона ташкил қилиш тўғрисидаги саволни кўриб чиқдик. Шундай қилиб уйни сотиш фикри меҳмонхона ташкил қилиш фикрига айланди. 2018 йилдан бери икки йил давомида биз меҳмонхонани таъмирлаш ва тартибга солиш, жиҳозлаш билан шуғулландик. Молиявий маблағларга келсак биз намунавий мисол бўла олмаймиз, биз ерни сотиб олмаганмиз, уй қуриб бўлинган эди, бу ҳам сармояларнинг маълум бир қисми. Биз асосан таъмир ва жиҳозлаш ишларигамаблағ сарфладик. Бу 2 млрд. сўм атрофида бўлди.

Меҳмонхонанинг номер фонди 28 та меҳмонни қабул қилишга мўлжалланган 16 та номердан иборат. Меҳмонхонани этник услубда безатиш фикри менинг ҳамкорим Диана Болтабоевага тегишли. Меҳмонхонани ташкил этиш жараёнида “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” мутахассислари томонидан меҳмонхонани бутик-отель қилиш учун шароитлар борлиги аниқланди. Лекин озгина камчиликлар мавжуд эди. Биз буни билганимиздан кейин Марказ мутахассисларининг тавсияларини инобатга олдик ва ўз ғояларимизни ўзгартирдик. Шундай қилиб меҳмонхонамизнинг ҳар бир хонасини мамлакатимизнинг бир шаҳрига бағишладик. Биз ўзбекистонликлар ўзимизнинг қадимий шаҳарларимиз Самарқанд, Бухоро, Хивани, уларнинг диққатга сазовор жойларини жуда яхши кўрамиз. Бизнинг фахрланишга арзийдиган нарсаларимиз бор. Шундай қилиб биз ҳар бир шаҳарга ҳурмат бажо келтиришни хоҳладик, шунинг учун меҳмонхонамизнинг ҳар бир номерини ҳудудий, анъанавий хусусиятларга мувофиқ безатдик. Ҳар бир номер ажойиб шаҳарларимизга бўлган ҳурмат эканлигидан келиб чиқиб меҳмонхонамизни «The Shahar» деб номлашга қарор қилдик.

Меҳмонхона ҳам хорижий, ҳам маҳаллий туристларни қабул қилишга тайёр. Маҳаллий туристни миллий услубдаги меҳмонхона билан ажаблантириш осон эмас. Шундай бўлсада Тошкентга ташриф буюраётган маҳаллий саёҳатчиларга ушбу илиқ, ранг-баранг муҳитга киришлари қизиқарли бўлиши учун дизайнни ўзгача қилишга ҳаракат қилдик.

Меҳмонхонани сертификатлаштириш жараёни тўғрисида гапириб берсангиз.

Сертификатлаштириш ўрнатилган тартибда ўтказилди. Биринчидан айтиб ўтишни хоҳлардимки, сертификатлаштириш бўлмаса «The Shahar» ҳам бўлмас эди. Марказ мутахассисларининг тавсияларисиз ҳозир бундай номерларимиз бўлмас эди. Биз бутик-отель очишни ўйламаган эдик. Биз, меҳмонхона секторидаги янги одамлар учун бундай кўмак жуда муҳимдир. Албатта, жараёнда камчиликлар аниқланди, биз уларни бартараф этдик ва бу меҳмонхонамизга фойдали бўлди. Талаблар стандартга мувофиқ бўлишга, яъни меҳмонларга қулайлик яратиш, рақобатбардош бўлишга йўналтирилган. Бу ҳамкорлик бўлди. Бизга маслаҳатлар беришди ва меҳмонхонани ташкил қилиш жараёнида камчиликларни бартараф этишда қўлдан келганча ёрдам кўрсатишди. Бизни тадбиркорлар сифатида қўллаб-қувватлаганларини ҳис қилдик.

Сизнинг фикрингизча меҳмонхонада энг муҳими нима? Меҳмонхона муваффақиятли фаолият юритиши учун нима зарур?

Албатта бу инсон сармояси. Бу ходимлар, қабул қилишни ташкиллаштириш. Мулк эгалари ҳар қандай шароитларни яратиши мумкин, лекин корхонанинг муваффақияти меҳмонларни қандай кутиб олиш ва уларга хизмат кўрсатишга боғлиқ.

“Меҳмонхона хизмати сифати” деганда нимани тушунасиз?

– Тегишли стандартлар бўйича барча талабларни максимал даражада бажариш. Юқори даражадаги хизмат кўрсатиш, қулайликлар ва албатта бизнинг шарқона меҳмондўстлигимиз. Ўйлашимча ушбу “мажмуа” саёҳатчилар эҳтиёжларини қаноатлантириш учун жуда яхши хизмат қилади.

Суҳбатимиз якунида Сизнинг келажакдаги режаларингиз?

Биринчидан биз ўз ғояларимизни амалга оширишимиз ва меҳмонхона тўлиқ ҳажмда ишлаши учун чегаралар очилишини кутяпмиз. Бизнинг мақсадимиз – ўз анъаналаримизга уйғунлашган ҳолда меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатишдир. Иккинчидан, бугун биз меҳмонхона сифатида фаолият юритяпмиз. Ярим йилдан кейин яна сертификатлаштириш учун ҳужжатларни топширамиз. Бизнинг мақсадимиз – “бутик-отель”. У вақтга келиб биз хизмат кўрсатиш бўйича ўз механизмимизни меъёрига етказамиз, бутик-отелга доир талабларга мувофиқ мезонларни охирига етказамиз ва фахр билан бу номга эга бўла оламиз.