Тарихий биноларда меҳмонхона хизматлари: Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар

Тарихий биноларда меҳмонхона хизматлари: Испаниянинг Paradores меҳмонхоналар тармоғи вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар

2 январь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан мамлакатимизга Испаниянинг Paradores de turismo de Espana компанияси вакиллари ташриф буюрдилар.

Paradores меҳмонхоналар тармоғи тижорат директори Х.Кампоси ва унинг ёрдамчиси М.Сотос республикамизда 7 январгача бўладилар.

Paradores билан ҳамкорлик туризм секторини янада ривожлантириш ва Ўзбекистонда қўшимча туризм инфратузилмасини яратиш учун йўлга қўйилмоқда. Хусусан тарихий биноларда меҳмонхона хизматларини ташкиллаштиришда Испания тажрибасини ўрганишдан иборат.

Paradores меҳмонхоналар тармоғи туризм хизматларини қўллаб-қувватлаш ва унинг сифатини оширишда катта ҳисса қўшади, кўп йиллик бой тарихга эга бўлган қадимги биноларни тиклаш ва янгилаш билан шуғулланади.

Ташриф дастури доирасида Испания компаниясининг вакиллари пойтахтнинг тарихий объектлари билан танишадилар. Шунингдек Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрадилар, бу эса меҳмонхонага айлантириш мумкин бўлган тарихий ёдгорликларни ўрганиш бўйича хулоса чиқаришга имкон беради.

Ташриф давомида томонларнинг Ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Paradores меҳмонхоналар тармоғига 1911 йил Испаниянинг ўша вақтдаги ҳукумат раҳбари Хосе Каналиес томонидан асос солинган. Ўша вақтда меҳмонхоналарни ташкил қилиш учун тарихий ва бадиий қийматга эга бинолар, меъморий ёдгорликлар, монастир ва саройлар қайта тикланган. 1928 йил октябрда Қирол Алфонсо XIII томонидан Авила Гредос провинциясида биринчи Parador меҳмонхонаси ташкил қилинган. 1991 йилда Paradores de Turismo de España тизими акциядорлик жамиятига айлантирилган ва унинг ягона акционери Испания давлати ҳисобланади.

Paradores тизимининг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

– Испания меҳмохона саноати намунасини яратиш;

– халқаро майдонда Испания брендини яратиш;

– табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш;

– минтақа гастрономиясини ривожлантириш ва рағбатлантириш;

– Испания маданий анъаналарини сақлаб қолиш;

– сайёҳларга тарихий ва қимматга эга бинолардан завқланиш ва уларда яшаб кўриш имкониятини бериш.

Бугунги кунда Испания ва Португалияда жойлашган Paradores тармоғида 1300 дан ортиқ номер ва 2200 дан ортиқ жойга эга 97 та меҳмонхоналар мавжуд.

Leave a Reply