Туризм хизматларини сертификатлаштириш марказида гидлар билан учрашув бўлиб ўтди

12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК да (кейин – Марказ) гидлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув, туристик индустрия объектларида маҳаллий ва хорижий туристларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш мақсадида Марказ томонидан ташкил этилди.

Учрашувда Марказ директори Н.Исломов, “Сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази” ДУК директори Д.Нуров, Ўзбекистон гидлар ассоциацияси раиси Н.Саломова, шунингдек республикада фаолият юритувчи тажрибали гидлар иштирок этдилар.

Учрашув бошида Марказ мутахассислари томонидан аввал йўлга қўйилган туристик объектлар ишини яхшилашга йўналтирилган ва QR-кодни сканерлаш учун мобил иловадан фойдаланиб туристик объектларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолашга имкон берадиган “QR-сўровнома” лойиҳаси тақдим этилди.

Ўз навбатида сервис сифатини таъминлаш ва яхшилаш, туристнинг саёҳатдан кутган нарсаларини қаноатлантириш учун эътибор қаратилиши зарур бўлган туристик индустрия объектлари ишидаги бир қатор омилларни белгиладилар.

Муҳокама давомида томонлар туристик индустрия объектларининг ишини – мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф қилиш йўлларини муҳокама қилдилар. Туристик объектлар ишига баҳо берилди. Хусусан, жойлаштириш воситалари: меҳмонхоналар, хостеллар, меҳмон уйлари ва бошқалардаги туристларга хизмат кўрсатиш сифати муҳокама қилинди.

Гидлар бевосита туристлар билан ишлайдилар ва туристик хизматлар сифатини таъминлашда етакчи ўринга эгадирлар. Гид туристик индустрия объектига турист нигоҳи билан қарайди ва кўрсатилаётган туристик хизматлар сифатини баҳолаш масаласида маълумотларнинг объектив манбаси ҳисобланади.

Туристик объектларда сервис сифатини таъминлаш ва яхшилаш масалаларида Марказнинг гидлар билан бирга ўзаро ишлаши муаммоли вазиятларга тез жавоб бериш, туристларга хизмат кўрсатишда аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва мунтазам бартараф этиш имконини беради.