Туризм пандемиядан кейин: «Янги воқелик: Испания тажрибаси»

13 май куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти «Янги воқелик: Испания тажрибаси» мавзусида вебинар ўтказди. Тадбир пандемиядан кейинги даврда туризмни ривожлантириш, карантиндан сўнг туризмни тиклаш технологиялари, туристик объектларнинг эпидемиологик хавфсизлик бўйича сертификация тизимини ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш масалаларига бағишланди.

Вебинарда Туризмни ривожлантириш институти директори в.б. Е.Голишева, “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” ДУК директори Н.Исломов, туризмни барқарор ривожлантириш бўйича халқаро эксперт, ЮНВТОнинг Ипак йўлига оид дастури собиқ раҳбари, Туризмни ривожлантириш институти ҳамкори А.Пересолова, Туризмда сифат институти президенти Мигель Миронес (Испания) ва б. қатнашишди.

Вебинар давомида халқаро эксперт Алла Пересолова томонидан «Янги воқелик: Испания тажрибаси» тақдимоти ўтказилиб, унда мутахассис халқаро бозордаги янги тенденция ва ҳодисалар, шунингдек санитар стандартларни татбиқ этишга оид қабул қилинаётган чораларга урғу берилди. Туризмда сифат институти президенти М.Миронес қатор тавсиялари билан бўлишиб, Ўзбекистонга санитар стандартларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш билан боғлиқ масалаларда ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди.

Хусусан, тақдимот давомида Испаниянинг туристик объектларни COVID -19’га қарши хавфсизлиги бўйича сертификация масалаларига доир тажрибаси кўриб чиқилди.

Онлайн мулоқот доирасида “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” ДУК мутахассислари томонидан айни дамда Ўзбекистонда туристик объектларнинг эпидемия шароитларидаги хавфсизлигига оид хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилаётгани таъкидланди. Шунингдек туристик инфратузилма объектлари учун махсус стандартлар ишлаб чиқишга оид ишлар бошланди. Барча сайёҳлик объектлари, жумладан жойлаштириш воситалари, овқатланиш пунктлари ва транспорт воситалари санитар-гигиеник нормаларини татбиқ этишга доир стандарт бўйича сертификатлаштирилади.

Шунингдек вебинар давомида мамлакат туризм соҳасининг COVID-19 пандемиясидан кейинги тикланиш технологиялари, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги илк “Virus-Free” халқаро туризм йўналишларидан бирига айланиш имкони ҳамда соҳани ривожлантиришга доир қатор бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Онлайн учрашув якунларига кўра, иштирокчилар пандемия ва ундан кейинги даврда туризм соҳасини тиклаш масалаларини ҳал қилишда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Маълумот учун: Испания туризм соҳаси фаолияти учун давлат даражасида янги санитар протоколларни ишлаб чиққан ва қабул қилган илк мамлакатлардан бири бўлди. Шу билан бирга, у ерда «Safe Tourism Certified» белгиси ва хоҳишга кўра сертификатлаш тизими қабул қилиниб, улар ҳар қандай кўринишдаги туристик иншоотлар ва объектларга нисбатан ҳам қўлланади. Испания ишлаб чиқилган протоколларни халқаро миқёсда қабул қилиниши учун ISO Халқаро стандартизация ташкилотига тақдим этади.