Ресторан-меҳмонхона бизнеси сегменти учун Zoom-семинар иш бошлади

8 июнда ресторан-меҳмонхона ва бизнеси ва умумий овқатланиш сегменти учун: “Санитария, гигиена ва хавфсизликнинг янги талаблари ёки хавфсиз сервисни тақдим қилиш, 2020 йил мавсумининг очилиши” мавзусида Zoom-семинар иш бошлади.

 

Онлайн-семинарнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризм қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК (кейин – Марказ) вакиллари, шунингдек сервис ва меҳмондўстлик соҳасининг маҳаллий экспертлари ҳамда АҚШ ва БАА дан соҳанинг хорижий экспертлари иштирок этдилар.

 

Ўзларининг онлайн чиқишларида хорижий экспертлар пандемия даврида туризмни ривожлантириш ва COVID-19 даврида сервисни ўзгартириш масалаларини кўтардилар.COVID-19 туризм соҳаси учун долзарб масала эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши тармоққа жуда салбий таъсир кўрсатди.

 

Семинар давомида Туризм қўмитасининг республикада туризмни тиклаш бўйича ишлари қайд қилиб ўтилди. Ўзбекистонда ички ва кириш туризми учун хавфсиз шароитларни яратиш мақсадида «Uzbekistan. Safetravel GUARANTEED» («Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланади») дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишлар шулар жумласидандир.

 

Ўз навбатида Марказ вакили томонидан туризм ва ёндош инфратузилма объектларида санитария-гигиеник хавфсиз хизмат кўрсатишни сертификатлаштириш масаласи ёритиб ўтилди. Мутахассис томонидан шунингдек ҳозирги вақтда юқорида қайд этилган тизимни жорий қилиш учун ҳукумат қарори ишлаб чиқилаётгани, унда янги санитария-гигиена талаблари асосида туризм ва ёндош инфратузилма объектлари, туризм хизматларини сертификатлаштириш барча давлат чегара пунктлари, ҳаво, темир йўл ва автовокзаллар, моддий маданий мерос объектлари, музейлар, театрлар ва бошқа маданий объектлар учун мажбурий бўлиши таъкидлаб ўтилди.

 

Тадбиркорлик субъектларини сертификатлаштириш (умумий овқатланиш хизматлари, жойлаштириш воситалари, транспорт хизматлари ва ҳ.к.) ихтиёрий асосда амалга оширилади.

 

Ҳозирги вақтда “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК томонидан “Туризм хизматлари.Туризм ва ёндош инфратузилма объектларидасанитария-гигиеник хавфсиз хизмат кўрсатиш.Умумий талаблар” давлат стандартини ишлаб чиқиш ва рўйхатдан ўтказиш юзасидан ишлаб олиб борилаётгани ва бу стандартда профилактик тадбирларни амалга ошириш, инфекцион касалликларнинг оммавий тарқалиши (эпидемия, пандемия) ва ундан кейинги даврдатуристларнинг саломатлигини таъминлаш мақсадида уларга санитария-гигиеник хавфсиз хизмат кўрсатиш назарда тутилган.

Семинар ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туризм қўмитаси қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК, “Меҳмондўстлик академияси” НТМ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент Бармен уйи, WYNDHAM Tashkent, Mashkov. uz&Partners, KULAKOVA & PARTNERS ресторанлар учун консалтинг компанияси (Россия), Рус бошқарув мактаби, Wine&Service Умумроссия ресторан сервиси мактаби.

 

Zoom-семинар жорий ҳафта давомида ҳар куни бўлиб ўтади.